http://prod1.cnmi_ca.iostructure.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/10/04/feature-01
| Оммавий ахборот воситалари

Россиялик телебошловчининг қирғиз мигрантларини ҳақорат қилиши можарога сабаб бўлди

Канат Алтинбаев

Андрей Малаховнинг Россия телевидениесидаги «Жонли эфир» дастури намойишидан олинган кадр.

ОЛМАОТА – Россиялик телебошловчининг мигрантлар ҳақида менсимаслик билан айтган гаплари Марказий осиёликларнинг ғазаби ва норозилигини келтириб чиқарди.

Россиялик миллиардер Владимир Маруговнинг ўғли Александр Маругов 7 июль куни Москва марказида ўлдирилган. Кузатув камераларидан олинган видеоёзувларда мотоцикл минган Маруговнинг жуда катта тезликда Россияда ишлаётган 22 ёшли Қирғизистон фуқароси Исломбек Акбаров бошқарувидаги таксига келиб урилгани акс этган.

Акбаров воқеанинг эртаси куни эҳтиётсизлик оқибатида ўлимга олиб келган автоҳалокат келтириб чиқаришда айбланиб ҳибсга олинган. У беш йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Москвадаги таксилар, 6 июнь, 2018 йил. 24 сентябрь куни россиялик телебошловчи Андрей Малахов қирғизистонлик такси ҳайдовчиси россиялик миллиардернинг ўғлини қасддан ўлдирганини даъво қилган. [Кирилл Кудрявцев/AFP]

Россия давлат телевидениесидаги шоулар бошловчилари аввал ҳам Марказий Осиё республикаларига нисбатан масхараомуз сўзларни айтган эдилар. 25 июнь куни худди ўша «Россия-1» телеканалида, Кремль тарғиботчиси сифатида танилган Владимир Соловьёв Олмаотадаги илмий муассасани портлатиб юборишни таклиф қилганди.

Россиянинг «Россия-1» давлат телеканалидаги «Жонли эфир» кўрсатуви бошловчиси Андрей Малахов 24 сентябрь кунги автоҳалокатни муҳокама қилар экан, Акбаров Маруговни ўлдириш учун ёлланганини айтган.

«Рулда ўзга юртдан келган 23 ёшли қандайдир мишиқи, таксичилик қилаётганига икки ой ҳам бўлмаган. Унга 100 минг доллар берсанг, бутун оиласи, қишлоғи ва барча қариндошларини бахтиёр қилган бўласан. Улар бутун умр ишлаб ҳам, бунча пул тополмайдилар», деди Малахов, Акбаров Маруговни ўлдиргани учун пул олганига ишора қилиб.

«Йигит – кўп болали оиланинг фарзанди, қоидага зид равишда йўлдаги қўш узлуксиз чизиқни кесиб ўтиб, Александр Маруговни уриб юбориш учун унинг келишини кутиб турган», деди телебошловчи адвокатнинг Акбаров рухсат этилган жойда манёвр қилгани ҳақидаги даъволарини эътиборга олмай.

Малахов, шунингдек, Акбаровнинг адвокат олиш учун қурби етишига ишонмаслигини айтган.

«Сизга ким пул тўлаяпти?» деб сўраган Малахов Акбаровнинг адвокатидан. «Шунақа, ҳозир ҳамма таксичиларда адвокат бор. Битта каравотда беш киши ухласа ва ойлиги 10 доллар бўлса ҳам.»

Қирғизистондаги норозилик

26 сентябрь куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги «Қирғизистон-Россия иттифоқчилик муносабатлари манзарасида Россия давлат оммавий ахборот воситалари журналистларининг бу каби баёнотларидан ташвишда» эканини билдириш мақсадида россиялик дипломатни чақирган, деб хабар беради 24.kg нашри.

Қирғизистон парламенти депутати Элвира Сурабалдиева «Қирғизистон кимни дўстона мамлакат деб билади», деган саволни ўртага ташлаган.

«Малахов шунчаки такаббурлик билан чекланмай, бутун миллат ҳақида камситувчи сўзларни айтди ва бу билан мамлакатимизни ҳақорат қилди», деди Сурабалдиева Твиттерда.

«Бу гапларни биз стратегик шерик деб биладиган ва тилини Қирғизистонда расмий тил сифатида тан олган Россия давлатининг фуқароси гапирмоқда. Шовинизм», деди у.

Қирғизистондаги Россия элчихонасининг Facebook саҳифасига қирғиз фуқароларидан жуда кўп шикоятлар келиб тушган.

«РТР (Россия телеканали) раҳбарияти қирғизлардан очиқчасига кечирим сўрамагунича, бу каналнинг (Қирғизистонда) эфирга узатилишини тўхтатиш керак», дейди Бишкекдаги Россия элчихонасининг Facebook саҳифасида изоҳ қолдирган ҳарбий хизматчи Қодирбек Сопуев.

Россия «гастарбайтер» каби ҳақоратли сўзларни ишлатадиган «фашист мамлакат»га айланди, деб ёзади бошқа бир Facebook фойдаланувчиси Наринбек Кенжетаев. Немисчада «Меҳмон ишчи» маъносини билдирадиган нейтрал сўз рус тилида камситувчи ҳисобланади.

Бу Малаховнинг этник ҳақоратларни илк бор тилга олиши эмас, дея қўшимча қилди Кенжетаев.

Бишкекликлар Малаховнинг фотосуратини «Бу нацистни дўппосла» деган ёзув билан боксчилар грушасига ёпиштириб, ўтган-кетган одамлар муштлаб ўтиши учун кўчага илиб қўйганлар.

Бу ҳақдаги видеолавҳани Озод Европа/Озодлик радиоси ва «Америка Овози»га қарашли «Ҳозирги вақт» телеканалининг Бишкекдаги мухбири Шавкат Тургаев ўз Твиттер саҳифасига жойлаган.

Москва Марказий Осиё давлатларини сўзда эмас, амалда ҳурмат қилганида, давлат оммавий ахборот воситалари ҳеч қачон қирғизлар, қозоқлар, ўзбеклар ва тожикларга қарши бундай ҳақоратли гапларга ўрин қолдирмас эди, дейди Бишкекда истиқомат қилувчи Санжар Кенжебаев.

1991 йилда СССР парчаланганидан сўнг, маълум маданий ва тарихий алоқалар сақланиб қолган бўлса-да, Россия режими Марказий Осиё мамлакатларининг ҳафсаласини пир қилиб бормоқда, дейди Нур-султонлик халқаро муносабатлар бўйича мутахассис Руслан Назаров.

«Аммо, бу алоқалар бизнинг ўзгариб бораётганимиз, инсон ҳуқуқлари ва ўзаро ҳурмат мавжуд бўлган замонавий дунёда яшашни истаганимиз сайин аста-секин сўниб бормоқда», деди Назаров.

«Россия эса ҳар бир шовинистик баёноти ёки давлатимиз яхлитлигига очиқ таҳдиди билан ўзининг яккаланиб қолиш эҳтимолини кучайтирмоқда. Бир кун у ҳатто «орқа ҳовлисида» ҳам ўзига жой тополмай қолади, деди у.

Қозоғистонни портлатиш ҳақидаги гап-сўзлар

Бу шов-шувли ҳодиса Қозоғистоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари эътиборидан ҳам четда қолмади.

Tengrinews cайтида чоп этилган мақола остида изоҳ қолдирган қозоғистонликлар қирғиз халқига далда бериб, россиялик телебошловчининг сўзларидан ғазабга тушганлар.

Акбаровнинг иши Малаховга бутун мамлакатни ҳақорат қилиш ҳуқуқини бермайди, деб ёзган «Адик» русларни «қардош қирғиз халқи»дан кечирим сўрашга чақириб.

Dos Zhanar исмли фойдаланувчи эса Малахов илгари «Қозоғистон халқига қарши ҳам ҳақоратли сўзларни айтганини» эслатган. «Ўшанда кўнгилда хижиллик қолган эди. Энди эса бу гап ... ҳайратда эмасман.»

Россия давлат телевидениеси орқали намойиш этиладиган шоулар бошловчилари аввал ҳам Марказий Осиё республикаларига «ҳамла» қилганлар.

25 июнь куни худди шу «Россия-1» телеканалида, Кремль тарғиботчиси сифатида танилган Владимир Соловьёв Олмаотадаги тадқиқот муассасасини портлатишни таклиф қилганди.

Унинг «Владимир Соловьёв билан оқшом» шоуси меҳмонлари Марказий референс-лабораторияни қуриш учун Қозоғистонни Қўшма Штатлар билан машъум фитна уюштиришда айблаганлар. У ерда ишлайдиган Европа ва қозоқ олимлари юқумли касалликларни самарали даволаш усулларини тадқиқ қиладилар.

Бу лаборатория Россияни хавф остига қолдириши мумкин, деб айтган Соловьёв «муаммони куч ишлатиб ҳал этишни» таклиф қилар экан.

«Балки портлатиб юборармиз? Лаборатория қаердалигини биламиз. Шундоқ оламизда, портлатиб юборамиз», деган у огоҳлантирувчи ҳужумни назарда тутиб.

Ўшанда Соловьёвнинг таклифи қозоқларнинг ғазабини қўзғаган, кўпчилик ижтимоий тармоқлардаги мунозараларда Россия билан барча алоқаларни узишни таклиф қилган эди.

Сизга мақола ёқдими?
7
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha